Беркинмачоқ ўйинидаги фожиа: 5-қаватдан тушган боланинг аҳволи маълум қилинди
Бола 22 ноябрь куни беркинмачоқ ўйнаётиб, уйнинг чордоғидан пастга тушиб кетган.

Тошкентнинг Яшнобод туманида 5-қаватдан тушиб кетган, 2016 йилда туғилган боланинг аҳволи стабил, ўрта оғирлик даражасида. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Ҳодиса 22 ноябрь куни содир бўлган. Маълумотларга кўра, бола дўстлари билан беркинмачоқ ўйнаётиб, уйнинг чордоғига яширинган ва эҳтиётсизлик оқибатида пастга тушиб кетган.
У оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-болалар жарроҳлик клиник шифохонасига олиб келинган ва реанимация бўлимига ётқизилган.
Шифокорлар кўригида болада бош мия чайқалиши, иккала ўпка ва буйракларнинг лат ейиши, чап елка суяги ҳамда ўнг сон суягининг синиб, силжиши аниқланган.
Шифохона травматологи Исмат Нигматовнинг айтишича, ҳозирда боланинг аҳволи стабил, ўрта оғирлик даражасида. Унинг ҳолати кундан кунга яхшиланмоқда, даволаш муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда.








