Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга ўзбек миллий айвонлари учун миннатдорлик билдирди
АҚШ Президенти Вашингтонда ўрнатилган ўзбек миллий айвонларини яратган ҳунармандларнинг маҳоратини юқори баҳолаб, уларни ҳақиқий истеъдод соҳиблари деб атади.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан совға қилинган ўзбек миллий айвонлари учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Трампнинг қайд этишича, ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШ ички ишлар вазири Даг Бургум иштирокида айвонлар тақдимоти ўтказилган. Маросим вақтида унинг «Marine One» вертолётида ушбу иншоотлар устидан учиб ўтиши алоҳида шараф бўлган.
АҚШ Президенти ўзбек усталарининг маҳорати ва меҳнатини юқори баҳолаб, айвонлар 200 йиллик тоғ ёнғоғи ёғочидан тайёрланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳунармандлар иншоотларни барпо этиш учун бир неча ой давомида оилаларидан узоқда бўлиб, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам меҳнат қилган.
Трамп айвонларни шахсий мулк сифатида сақлаб қолиш ўрнига, жамоатчилик фойдаланиши учун тақдим этишга қарор қилганини билдирган. Ҳозирда улар Вашингтондаги Tidal Basin сув ҳавзаси соҳилида, Жефферсон мемориали ва Вашингтон монументи кўриниб турадиган ҳудудда жойлаштирилган.
АҚШ Президентининг таъкидлашича, бир йилдан сўнг Миллий қаҳрамонлар боғи очилиши билан ушбу айвонлар шаҳарнинг гавжум ва диққатга сазовор масканларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу ерда дипломатик қабуллар, маданий тадбирлар, Сакура гуллаши фестивали доирасидаги учрашувлар ва жамоатчилик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Трамп, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Миллий боғлар хизматига миннатдорлик билдирган. У ўзбек ҳунармандларини ҳақиқий истеъдод соҳиблари деб атаб, айвонларни ҳайратланарли даражада гўзал деб таърифлаган.
Мазкур айвонлар Ўзбекистоннинг миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик маҳоратини АҚШ жамоатчилигига намойиш этувчи ўзига хос туҳфа ҳисобланади.








