1 млрд сўмлик кредит қарзи сабаб уй хатланди
Маълум бўлишича, қарздор МИБ томонидан берилган ихтиёрий муддат давомида ижро ҳужжати талабларини бажармаган.

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор М.Р.дан ундирувчи банк фойдасига 1 миллиард 848 миллион 486 минг 961 сўм қарздорликни ундириш ҳамда ундирувни қарздорнинг гаровга қўйилган кўчмас мулкига қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан ижро ишини юритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган. Шунингдек, ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариши учун қонунчиликда белгиланган муддат берилган.
Бироқ қарздор берилган ихтиёрий муддат давомида ижро ҳужжати талабларини бажармаган.
Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздорнинг гаровдаги кўчмас мулки хатланди.
Айни вақтда хатланган кўчмас мулкни электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиш бўйича тегишли қарор қабул қилинган. Мазкур мулк белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.







