Янги жазолар: маст ҳолда такроран рулга ўтирганлар 2 йилгача қамалиши мумкин
Ноқонуний пойга, дрифт, хавфли манёвр ва йўл безорилиги учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Сенат маст ҳолда автомобилни такроран бошқариш, вояга етмаганларга рулни топшириш, тезликни кескин ошириш ва йўл безорилиги учун жазоларни кучайтиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 261¹-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, маст ҳолда транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда маст ҳолда автомобиль бошқариш билан боғлиқ 11 994 та, 2025 йилда эса 13 521 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Шунингдек, Жиноят кодексига янги 261³-модда киритилмоқда. Унга кўра, вояга етмаган шахсга автомобиль бошқаришни топшириш оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Агар бу ҳаракат одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланмоқда.
Вояга етмаганга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун 50 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси ҳам назарда тутилган. 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги шахслар иштирокида 168 та ЙТҲ содир бўлган.
Тезликни оширганлик учун жарималар
Қонунга кўра, белгиланган тезликни:
-
соатига 40 километрдан ортиқ оширганлик учун 25 БҲМгача;
-
соатига 60 километрдан ортиқ оширганлик учун 45 БҲМгача;
-
соатига 80 километрдан ортиқ оширганлик учун 65 БҲМ жарима ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тезликни соатига 40–60 километрга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Бундан ташқари, йўл безорилиги, ноқонуний автомобиль пойгалари, хавфли манёврлар, дрифт ва бошқа ҳаракат иштирокчиларига қасддан тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. 2025 йилда йўл безорилиги билан боғлиқ 604 та, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 572 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун йўлларда хавфли қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва инсонлар ҳаётини асрашга қаратилган.








