Тошкент илк бор “Самовий нафосат” кубогига мезбонлик қилади
“Humo Arena”да 10 дан ортиқ мамлакат гимнастикачилари иштирокида халқаро бадиий гимнастика мусобақаси бўлиб ўтади.

2026 йил 5–6 декабрь кунлари Тошкентдаги “Humo Arena” мажмуасида халқаро “Самовий нафосат” кубоги бадиий гимнастика мусобақаси ўтказилади.
Турнирда 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари — спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар иштирок этади.
Мусобақада 2011 йилда ва ундан олдин туғилган сениор тоифасидаги гимнастикачилар яккалик кўпкураши, алоҳида машқлар ҳамда гуруҳ дастурлари бўйича беллашади. Дастурдан арғамчи, чамбарак, тўп, булавалар ва тасма билан бажариладиган машқлар ўрин олган.
Ўзбекистон шарафини кўп карра Осиё чемпиони Таҳмина Икромова, Анастасия Сарантсева ҳамда гуруҳ машқлари бўйича икки жамоа ҳимоя қилади.
Маълумот учун, “Самовий нафосат” кубоги 2021 йилда Москвада ташкил этилган. Кейинги йилларда мусобақа Пекин (2023, 2025) ва Доҳа (2024) шаҳарларида ўтказилган. 2026 йилда эса турнирни ўтказиш ҳуқуқи илк бор Тошкентга берилган.








