Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари бепул санаторийларга юборилади
9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ҳамда уни муносиб нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга мувофиқ, байрам тадбирлари мамлакат бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилади. Дастур доирасида маданий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар ҳамда оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Фахрийларнинг истагига кўра, улар бир нафар кузатувчиси билан биргаликда республика ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилади.
Шунингдек, 2026 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида соат 21:00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам мушакбозлиги ташкил этилади.








