Украинада қуролли шахс супермаркетда отишма уюштирди
Ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 киши жароҳатланган.

Украина пойтахти Киевда қуролланган шахс томонидан содир этилган ҳужум махсус кучлар томонидан бартараф этилди. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Игор Клименко Telegram орқали маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчи аввал ўз яшаш хонасига ўт қўйган, сўнгра Голосиевский туманида кўчага чиқиб, тасодифий ўткинчиларга қарата ўқ узган. Кейинчалик у супермаркетга кириб, ичкарида ҳам отишмани давом эттирган ҳамда бир неча кишини гаровга олган.
Махсус полиция бўлинмалари тезкор равишда воқеа жойига етиб бориб, бинони қуршаб олган ва операция натижасида ҳужумчини йўқ қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 киш жароҳатланган.
Полиция ҳозирда воқеанинг барча тафсилотлари ва гумонланувчининг ҳаракат мотивларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Аввалроқ, Туркиянинг Шанлиурфа вилояти Сиверек туманидаги мактабда юз берган ҳодиса оқибатида 16 киши жароҳатланган эди. Шунингдек, 15 апрель куни Қаҳраманмараш шаҳрида мактабда содир этилган қуролли ҳужумда 9 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.








