Исроил ўз мақсадларига эришмагунча тўхтамайди — Нетаньяху
Исроил Бош вазири минтақада исталган вақтда янги воқеалар юз бериши мумкинлигини таъкидлади.

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху Эрон билан боғлиқ қарама-қаршилик ҳали якунланмаганини ва яқин кунларда вазиятда янги ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини маълум қилди.
У бу баёнотни Қуддус шаҳрида Аргентина президенти Хавьер Майлей билан бўлиб ўтган учрашув ва қўшма матбуот анжумани давомида билдирган, дейди Tass.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, Исроил минтақадаги хавфсизлик таҳдидларига қарши курашни давом эттиради ҳамда ўз стратегик мақсадларига эришишга қатъий бел боғлаган.
“Биз кўплаб натижаларга эришдик. Бироқ бу ҳали якун эмас. Ҳар қандай вақтда янги ўзгаришлар юз бериши мумкин”, деди Исроил бош вазири.
Шунингдек, у Эрон билан қарама-қаршиликни “жиддий қийинчиликлар ва катта оқибатлар даври” деб баҳолади. Нетаньяху Исроил бу жараёнда АҚШ билан яқин ҳамкорлик қилаётганини, икки давлат ўртасидаги стратегик алоқалар давом этишини таъкидлаган.
Бош вазир ўз нутқида Аргентина президенти Хавьер Майлейнинг Исроилга ташрифларини ҳам тилга олиб, ҳар сафар унинг сафари муҳим воқеалар арафасига тўғри келаётганини қайд этган.
“Эртага ёки ундан кейин нима бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Аммо биз ўз мақсадларимизга эришамиз”, деди Нетаньяху.
Унинг фикрича, Исроилнинг қатъий позицияси ва АҚШ билан ҳамкорлиги мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойлар давомида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар кескинлашган эди. Аввалроқ Вашингтон ва Теҳрон ўртасида музокаралар ўтказилган, бироқ томонлар узоқ муддатли сиёсий келишувга эриша олмагани хабар қилинган эди.








