Ўзбекистонга 2026 йилда 53 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилади
Президент барча раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шартлигини билдирди.

Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда инвестицияларнинг самарадорлиги ва лойиҳалар сифати масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари ҳар бир янги лойиҳа ва жалб этилган маблағлар иқтисодиётда қўшилган қиймат яратиши, юқори даромадли иш ўринлари ташкил этиши ҳамда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, барча раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шарт.
Йиғилишда инвестиция лойиҳаларини ишга туширилгандан кейин мониторинг қилиш платформаси яратилгани маълум қилинди. Ушбу тизим солиқ, божхона, бандлик, кадастр ва коммунал соҳалар базалари билан интеграция қилинган бўлиб, корхоналар фаолиятини 39 та кўрсаткич асосида таҳлил қилмоқда.
Таҳлиллар натижасида охирги уч йилда ишга тушган 688 та корхонадан 210 таси ишлаб чиқариш қувватидан тўлиқ фойдаланмаётгани аниқланган. Натижада 33 триллион сўмлик ишлаб чиқариш ҳажми йўқотилган, 23 мингга яқин иш ўрни банд этилмай қолган.
Мазкур ҳолат ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фаолиятига берилган баҳо сифатида кўрсатилди. Мутасаддиларга 210 та корхона кесимида аниқ “йўл харитаси” ишлаб чиқиб, муаммоларни бартараф этиш муддатлари ва масъулларни белгилаш топширилди.
Шунингдек, ҳудудий раҳбарларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари мазкур корхоналар билан бевосита ишлаши, амалга оширилган ишларни махсус платформага киритиб бориши белгиланди. Биринчи ярим йиллик якунига қадар натижа бўлмаса, уларнинг лавозимига муносиблиги қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилда 53 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Президентнинг таъкидлашича, инвестицияда сифатга эришиш учун лойиҳанинг илк босқичидаёқ тўғри танлов қилиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб этиш муҳим.
Йиғилишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали иқтисодиёт учун энг самарали лойиҳаларни аниқлаш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда ички ва ташқи бозордаги талабни таҳлил қилиб, қаерда ва қандай лойиҳа амалга ошириш бўйича тавсиялар берадиган платформани ишга тушириш топширилди. Инвесторлар ва консалтинг компаниялари учун ушбу тизимдан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш имконияти яратилади.
Бугунги кунда мамлакатда хорижий инвестиция иштирокида 18 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бироқ ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган 526 та корхона ҳали бирор марта ҳам экспорт қилмаган. Яна 767 та корхона эса асосан импорт билан шуғулланиб, маҳсулотларни ички бозорда сотмоқда.
Ушбу корхоналар билан гаплашиб, четдан ўз маҳсулотини олиб келиб сотаётганларига шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун лойиҳалар таклиф қилиш, уларни маҳаллий тадбиркорлар билан боғлаб, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни йўлга қўйиш, маҳсулотини ички бозорда сотаётганларига экспортга чиқиш учун нима ёрдам кераклигини ўрганиш муҳим экани таъкидланди.
Мутасаддиларга бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.








