Жаҳон

Доналд Трамп ва Си Цзиньпин Пекинда учрашади

Икки мамлакат етакчилари Пекиндаги саммитда савдо, Тайван, Эрон уруши ҳамда технологик рақобат масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Доналд Трамп ва Си Цзиньпин Пекинда учрашади

АҚШ президенти Доналд Трамп Пекинда Хитой раиси Си Цзиньпин билан юқори даражадаги музокаралар ўтказади. 

 

Al Jazeera’га кўра, савдо урушлари, Тайван атрофидаги кескинлик, сунъий интеллект, Эрон билан боғлиқ можаро ва глобал таъминот занжирларидаги хавотирлар фонида ўтаётган саммит халқаро сиёсатдаги энг муҳим учрашувлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

 

Бу Трампнинг 2017 йилдан буён Хитойга илк ташрифи бўлади. Икки давлат раҳбарлари пайшанба ва жума кунлари учрашиб, савдо, технологиялар, геосиёсий хавфсизлик ва энергия бозорларига оид масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

 

Саммит Эрон билан боғлиқ вазият кескинлашган бир пайтда ташкил этилмоқда. АҚШ бир неча ҳафтадан бери Пекинни Теҳронга таъсир ўтказиб, уни музокараларга қайтишга ундашга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки Хитой Эрон экспорт қилаётган нефтнинг 80 фоизидан ортиғини харид қилувчи асосий давлат ҳисобланади.

 

Шунингдек, Вашингтон Хитойни Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва минтақадаги юк ташиш хавфсизлигини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Эрон билан боғлиқ можаро Форс кўрфазидаги савдо йўллари ва глобал энергия бозорларига босимни кучайтирган.

 

Пекинга жўнаб кетишидан олдин Трамп Си билан Эрон масаласи бўйича “узоқ суҳбат” ўтказишини билдирган. Шу билан бирга, у савдо масалалари ташрифнинг марказий мавзуси бўлиб қолишини таъкидлаган.

 

Таҳлилчиларга кўра, Трамп музокараларда ички сиёсий жиҳатдан “иқтисодий ғалаба” сифатида кўрсатиш мумкин бўлган натижаларга эришишга уринади. Хусусан, Вашингтон Хитойдан Boeing самолётлари, соя, мол гўшти ва бошқа Америка маҳсулотлари импортини оширишни талаб қилиши мумкин.

 

Пекин эса ўз навбатида АҚШнинг илғор яримўтказгичлар ва чип ишлаб чиқариш технологияларига қўйган чекловларини юмшатишга эришишга интилади. АҚШ сўнгги йилларда Хитойнинг ҳарбий ва сунъий интеллект салоҳияти ўсишини чеклаш мақсадида юқори технологиялар экспортига қатор тақиқлар жорий қилган эди.

 

Саммитдаги асосий иқтисодий тортишувлардан яна бири нодир ер металлари масаласи устида бўлиши кутилмоқда. Хитой глобал нодир ер металлари қайта ишлашининг қарийб 90 фоизини назорат қилади. Бу ресурслар яримўтказгичлар, электромобиллар, ҳарбий техника ва электроника ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

 

Вашингтон Пекиндан ушбу материаллар экспортини барқарорлаштиришни кутмоқда. Чунки Хитой томонидан жорий этилган экспорт чекловлари АҚШ автомобилсозлик ва аэрокосмик саноатига босимни кучайтирган.

 

Шунингдек, Тайван масаласи саммитдаги энг кескин ва  нозик мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Пекин Тайванни ўз ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди ва сўнгги йилларда орол атрофидаги ҳарбий фаолликни кучайтирган. АҚШ эса “Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун” асосида Тайваннинг мудофаа салоҳиятини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

 

Экспертлар фикрича, Трамп ва Сининг саммитдан кейинги баёнотларида ишлатиладиган иборалар ҳам катта геосиёсий аҳамиятга эга бўлади. Айниқса, АҚШнинг Тайванга қурол етказиб бериши ва Вашингтоннинг Тайпейга нисбатан сиёсати диққат марказида қолади.

 

Бундан ташқари, Трамп Гонконглик медиа магнати ва демократия тарафдори Жимми Лай масаласини ҳам кўтариши мумкин. У Пекиннинг миллий хавфсизлик қонуни асосида ҳукм қилинган эди.

 

Leiden University эксперти Салвадор Сантино Регилменинг таъкидлашича, АҚШ ва Хитой бир вақтнинг ўзида ҳам стратегик рақобатчи, ҳам иқтисодий жиҳатдан бир-бирига кучли боғланган давлатлар бўлиб қолмоқда.

 

“Қўшма Штатлар Хитойнинг ишлаб чиқариш қуввати ва арзон маҳсулотларига таянади. Хитой эса АҚШ истеъмол бозори, технологиялари ва глобал молиявий тизим барқарорлигига муҳтож”, — деган у.

 

Таҳлилчиларга кўра, саммит якунида кенг қамровли савдо келишуви эҳтимоли паст. Бироқ томонлар тарифлар бўйича вақтинчалик юмшаш, нодир ер металлари экспорти ва келгусидаги музокаралар учун асос яратадиган чекланган битимларга эришиши мумкин.

custom img

Эрон айрим Хитой кемаларига Ҳурмуз бўғозидан ўтишга рухсат берди

Маълумотларга кўра, чоршанба кунидан буён Ҳурмуз бўғозидан 30 та кема ўтган.

custom img

Трамп Эрон устидан “тўлиқ ҳарбий ғалаба”га эришганини маълум қилди

АҚШ президенти Эроннинг денгиз флоти, ҳаво кучлари ва мудофаа тизимлари йўқ қилинганини таъкидлади.

custom img

Эрон футболчилари учун АҚШ визалари ҳалигача берилмаяпти

Эрон футбол федерацияси раҳбари FIFA билан виза масаласи юзасидан ҳал қилувчи музокаралар ўтказилишини билдирган.

custom img

WUF13: барқарор шаҳарлар ва инновацион урбанизация модели

2026 йил май ойида Боку шаҳри Бутунжаҳон Шаҳарсозлик Форумининг ўн учинчи сессиясига мезбонлик қилади.

custom img

Эпштейннинг ўзбекистонлик "қурбони" кўрсатма берди

18 ёшида Ўзбекистондан модель сифатида АҚШга олиб кетилган аёл Эпштейн уч йил давомида уни мунтазам зўрлаганини маълум қилди.

custom img

Францияда она ва икки фарзандлари мактабга бостириб кириб, ўқувчиларга ҳужум қилди

Уларнинг автомобилидан бир нечта қурол, бир нечта пичоқ ва кўздан ёш оқизувчи газ баллончаси топилган.

custom img

Ким Чен Ин кимга ядро зарба бермоқчи?

Ўзининг ғалати қонунлари ва ўта қаттиқўл сиёсати ҳамда автаритар режими билан танилган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин бу гал конституцияга жиддий ўзгартириш киритди.

custom img

АҚШ Сенати Эрон билан урушни тўхтатиш резолюциясини яна рад этди

Ҳужжатни 49 нафар сенатор қўллаб-қувватлаган бўлса, 50 нафари унга қарши овоз берган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"