Ўқитувчи ўқувчини калтаклади: Оҳангарондаги мактабда ҳолат ўрганилмоқда
Шунингдек, унга аввал ҳам қўпол муносабатда бўлингани ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси дарс вақтида ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатди. Ҳодиса акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳолат 2026 йил 21 октябрь куни 7-«А» синфида математика дарси вақтида содир бўлган.
Айни пайтда бошқарма ва туман бўлими масъуллари, мактаб кенгаши, ички ишлар органлари ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ўқувчига бундан аввал ҳам қўпол муносабатда бўлингани ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда.
Бошқарма таълим жараёнида болаларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонликка йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўрганиш давомида ўқувчи ва унинг қонуний вакиллари, ўқитувчи ҳамда гувоҳларнинг тушунтиришлари ва мавжуд материаллар холисона баҳоланади. Ҳолатга ваколатли органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
Ўрганиш якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.








