Омбордан олиб кетилган юклар манзилга етиб бормаган: АҚШда ўзбекистонлик эркак судланмоқда
У юк автомобиллари орқали ташиладиган товарларни ўғирлаш схемасида иштирок этганликда айбланмоқда.

АҚШда яшовчи 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси автомобиль транспортида ташиладиган юкларни ўғирлаш бўйича тил бириктиришда айбланмоқда. Прокуратура маълумотларига кўра, у иштирок этган юк ўғирликлари оқибатида етказилган тахминий зарар 12 миллион доллардан ошади.
Коннектикут округи бўйича АҚШ прокуратураси хабарига кўра, тергов камида 2025 йил сентябридан бери фаолият юритган схемани аниқлаган. Ўзбекистонлик эркак ва унинг шериклари бир нечта юк ташиш компанияларини, жумладан, уларнинг АҚШ Транспорт департаментидаги рўйхат рақамлари, ташувчи маълумотлари, корпоратив электрон почта манзиллари ва эгалик маълумотларини сотиб олган ёки назорат қилган.
Улар мавжуд компанияларнинг обрўсидан фойдаланиб, юк брокерлари билан давлатлараро ташиш бўйича шартномалар тузган. Ҳайдовчилар омборлар ва тарқатиш марказларидан юкларни олиб кетган, бироқ товарлар белгиланган манзилларга етказилмаган ва кейинчалик ўғирланган деб хабар берилган. Айрим ҳолатларда эса шериклар ўғирланган юкларни қайтариш эвазига товон пули талаб қилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, схема камида 24 та юк жўнатмасини қамраб олган. Улар орасида қаттиқ дисклар, аудио ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин сақловчи маҳсулотлар ва бошқа товарлар бўлган.
Терговчиларнинг таъкидлашича, АҚШда доимий яшовчи ва Нью-Жерси штатида амал қилувчи тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эркак яна бешта бошқа ном остида расмийлаштирилган қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаларига ҳам эга бўлган. Ушбу ҳужжатларда унинг юз хусусиятлари ўзгартирилган фотосурати акс этган.
У 2026 йил 1 июнда Калифорния штатидаги Онтарио шаҳрида ҳибсга олинган. 22 сентябрь куни федерал катта ҳаъят унга нисбатан айблов хулосасини чиқарган. 21 октябрь куни у Бриджпортдаги федерал судда иштирок этиб, айбини тан олмаган. Судланувчи ҳибсга олинганидан бери қамоқда сақланмоқда.
Юк ўғирлаш бўйича тил бириктириш айблови учун беш йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Прокуратура айблов хулосаси шахснинг айбдорлигини исботламаслигини таъкидлади. Ҳайдаровнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади.








