Хорижликлардан Ўзбекистонга кириш визаси учун 31 минг доллар олганлар ушланди
Улар уч нафар хорижий фуқарога Ўзбекистонга кириш визаларини танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс уч нафар хорижий фуқарога Ўзбекистонга кириш визаларини танишлари орқали ноқонуний равишда расмийлаштириб бериш эвазига 31 200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Тезкор тадбир давомида мазкур шахс олинган пулнинг 4 200 долларини ўзида олиб қолиши, 27 минг долларини эса пойтахтда яшовчи, 1960 йилда туғилган фуқарога бериши кераклиги аниқланган.
Шундан сўнг давом эттирилган тезкор тадбир давомида иккинчи шахс ҳам 27 минг АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








