Жиззахда 33 минг аҳолига мўлжалланган атомчилар шаҳарчаси қурилади
Вилоятда 9,5 млрд долларлик интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Маълум қилинишича, умумий қиймати 9,5 миллиард доллар бўлган лойиҳа 2026 йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтган. Ҳозиргача реактор биноси учун котлован қазиш ишлари якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ чиқарилган. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган.
Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис ҳамда 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.
Лойиҳада қарийб 3 минг турдаги маҳсулот ва ускунадан фойдаланиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Президент бу кўрсаткични ошириш зарурлигини таъкидлаб, маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга, қурилиш-монтаж ишларида миллий корхоналар иштирокини 65 фоизга етказиш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифасини қўйди.
Шунингдек, Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва 15 йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Атом электр станциясининг ташқи муҳандислик инфратузилмаси доирасида 388 километр электр тармоқлари, 110 киловольтли подстанция, ичимлик ва техник сув қувурлари, автомобиль ва темир йўллар қурилади. Ушбу объектларда маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60–70 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.
Қурилиш даврида ишчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оилалари учун 200 гектар майдонда атомчилар шаҳарчаси барпо этилиши режалаштирилган. Шаҳарча қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланади. Бу ерда 10 мингга яқин хонадон, жумладан, биринчи босқичда 3 мингта хонадон қурилиши кўзда тутилган.
Шаҳарчада мактаб ва мактабгача таълим, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Уй-жойларда энергия самарадор технологиялар, муқобил энергия манбалари ва “ақлли” ёритиш тизимларидан фойдаланилади.
Тақдимотда атом электр станцияси қурилишида хавфсизлик ва сифат энг устувор масала бўлиши, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилиши таъкидланди. 2026 йил 22–26 июнь кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилиб, Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш ҳолатига юқори баҳо берилгани қайд этилди.
Шунингдек, станцияни бошқарадиган операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини олдиндан тайёрлаш, лойиҳа бошқаруви ва техник назоратни кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Президент мутасаддиларга атом электр станцияси ва атомчилар шаҳарчаси қурилишини юқори сифатда, хавфсиз ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ҳамда инфратузилма ва кадрлар тайёрлаш ишларини уйғун ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.








