БМТ дунё харитасини ўзгартиришни маъқуллади
Қарор Меркатор проекциясида Африканинг ҳақиқий ҳажми акс эттирилмагани билан боғлиқ.

БМТ Бош Ассамблеяси Африканинг ҳақиқий ҳажмини аниқроқ акс эттирувчи дунё харитасидан фойдаланишга ўтишни қўллаб-қувватлади. Того томонидан илгари сурилган резолюцияни 164 давлат маъқуллаган, АҚШ қарши овоз берган, олти давлат эса бетараф қолган.
“Харитани тўғрилаш” деб номланган резолюция мажбурий кучга эга эмас. Бироқ у дунё бўйлаб турли муассасалар фойдаланадиган хариталарни ўзгартиришга туртки бериши мумкин.
Гап XVI асрдан буён кенг қўлланиб келаётган Меркатор проекцияси ҳақида бормоқда. Ушбу харитада қутбларга яқин ҳудудлар аслидан каттароқ, экватор атрофидаги ҳудудлар эса кичикроқ тасвирланади. Хусусан, Африка ва Гренландия харитада деярли бир хил ҳажмда кўринади, ҳолбуки Африка Гренландиядан 14 баравар катта.
2018 йилда картографлар қитъалар майдонини нисбатан аниқроқ акс эттирувчи “Equal Earth” проекциясини ишлаб чиққан. Жорий йил февраль ойида Африка Иттифоқининг 54 аъзо давлати ушбу проекцияни қабул қилган.
Того ташқи ишлар вазири Роберт Дуссей хариталар ҳудудлар ва халқларнинг дунёдаги ўрни ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришини таъкидлади. Франция ташқи ишлар вазири Жеан-Ноэл Баррот ҳам Меркатор харитасидан фойдаланишни тўхтатиш режалаштирилганини маълум қилди.
АҚШ вакили эса резолюцияни танқид қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси халқаро тинчлик ва фаровонлик каби муҳим масалаларга эътибор қаратиши кераклигини билдирди.
Ташаббус тарафдорлари Африка хариталарда кичрайтириб кўрсатилиши қитъанинг ресурслари, аҳолиси ва иқтисодий салоҳияти ҳақидаги тасаввурларга ҳам таъсир қилишини таъкидламоқда.








