Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигининг янги босқичи: Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи Корея нашрида чоп этилди
Шавкат Мирзиёев Корея нашрида эълон қилинган мақоласида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги технологик босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — “The Chosun Daily”да Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” номли мақоласи эълон қилинди.
Мақолада Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги тарихий ришталар, стратегик шериклик, савдо-инвестиция алоқалари ҳамда ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз юритилган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 5 баробарга ошган. Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ошган, айни пайтда мамлакатимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард доллардан ортиқ экани таъкидланган.
Президент икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият беришини қайд этиб, ҳамкорликни умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилди. Таълим, инсон капитали, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат раҳбари, шунингдек, “Марказий Осиё — Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли ва узоқ муддатли минтақавий ҳамкорлик механизмига айлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ташаббусларини илгари суришини билдирди.
Президент мақолада Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиётни таъминлаш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлаган.
Маълумот учун, “The Chosun Daily” 1920 йилда ташкил этилган “Chosun Ilbo” медиа гуруҳи таркибига киради. Нашр сиёсат, иқтисодиёт, жамият ва халқаро муносабатларга оид долзарб мавзуларни ёритади.








