Бола хавфсизлиги биринчи ўринда: UNICEF Ўзбекистондаги қонунни қўллаб-қувватлади
Зўравонликдан жабрланган болаларга мослаштирилган ва мувофиқлаштирилган ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.

UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун имзоланганини олқишлади.
“Болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар бир бола хавфсиз муҳитда, қадр-қиммати ҳурмат қилинган ва ҳуқуқлари ҳимояланган ҳолда вояга етиш ҳуқуқига эга”, — деди у.
Жоффри Ижумбанинг қайд этишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, таълим муассасаларида жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Барнаҳус модели асосида ташкил этилган «Нажот» марказининг яқин орада очилиши зўравонликдан жабрланган болаларга уларнинг эҳтиёжларига мос, мувофиқлаштирилган ёрдам кўрсатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилди.
UNICEF ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун давлат идоралари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.







