Green Card лотереяси қайтадими? АҚШ судидан янги қарор
Green Card лотереяси 2025 йил декабрида вақтинча тўхтатилган эди.

АҚШнинг Калифорния штати Жанубий округи федерал суди мамлакат Давлат департаментига Green Card лотереясини қайта тиклаш бўйича буйруқ чиқарди.
Суд ҳужжатига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио 2027-молия йили учун Diversity Visa (DV) дастурида рўйхатдан ўтишни 18 октябрь куни АҚШ Шарқий вақти билан ярим тунгача бошлаши керак. Рўйхатдан ўтиш муддати 30 кун этиб белгиланган. Шунингдек, Давлат департаментига рўйхатдан ўтиш бошланадиган санани расмий веб-сайтида эълон қилиш топширилган.
2025 йил декабрь ойида АҚШ маъмурияти Провиденс шаҳридаги Браун университетида содир бўлган отишмадан сўнг Green Card лотереясини вақтинча тўхтатган эди. Маълумотларга кўра, ҳужумни содир этган шахс мамлакатга ушбу виза дастури орқали келган.
Green Card АҚШда доимий яшаш ва қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи резидентлик мақомини тасдиқлайди. Диверситй Виса дастури орқали АҚШ ҳар йили иммиграция даражаси нисбатан паст бўлган мамлакатлар фуқаролари учун 55 мингтагача иммиграцион виза ажратади.







