Хитой Исроилдан Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний қурилишларни тўхтатишни талаб қилди
Пекин Фаластин масаласини XXI асрнинг энг катта тарихий адолатсизлиги деб атаб, можарони икки давлат ечими асосида ҳал этиш ва Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини таъминлашга чақирди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Исроил президенти Исаак Герцог билан Озарбайжонда бўлиб ўтган учрашувда Исроилни босиб олинган Ғарбий Соҳилда манзилгоҳлар барпо этишни тўхтатиш ва аввалги ҳаракатларни ортга қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 16 октябрь куни маълум қилди.
Ван Инг таъкидлашича, Хитой Фаластин масаласини XXI асрнинг энг катта тарихий адолатсизлиги деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, можарони ҳал этишнинг энг мақбул йўли — Исроил ва Фаластин мустақил давлатлар сифатида тинч-тотув яшашини назарда тутувчи икки давлат ечимидир.
Хитой ташқи ишлар вазири Ғазо секторига кириш имкониятларини тўлиқ очиш зарурлигини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, бу гуманитар инқирознинг янада чуқурлашишига йўл қўймаслик учун устувор вазифа ҳисобланади. Пекин халқаро ҳамжамият билан биргаликда томонларни имкон қадар тезроқ мулоқотга қайтариш ва можарони сиёсий йўл билан ҳал этишга тайёрлигини билдирган.
Учрашув Ван Инг Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференциянинг еттинчи саммитида иштирок этиши доирасида ташкил этилган. У саммитда Хитой раиси Си Цзиньпиннинг махсус вакили сифатида қатнашмоқда.







