2025 йилда 165 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима балларини олди
2026 йил 1 апрелдан жарима баллари автоматик камералар орқали қайд этилган қоидабузарликларга ҳам қўлланилади.

2025 йилда Ўзбекистонда 165 мингдан ортиқ ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари учун жарима балларини олди. Барча жарима балларининг қарийб учдан бир қисми йилнинг сўнгги икки ойига тўғри келади.
Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙХХ) матбуот котиби Зоир Йўлдошев маълум қилди.
Қайд этилишича, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганлик учун жарима баллари тизими 2025 йил 1 июндан бошлаб жорий этилган бўлиб, ҳозирда фақат йўл ҳаракати полицияси ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида қўлланилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, уч нафар ҳайдовчи 7,5–8 балл, икки нафар ҳайдовчи 6,5–7 балл, 12 нафар ҳайдовчи эса 5,5–6 балл тўплаган. Қоидабузарларнинг аксарияти — 165 193 нафар ҳайдовчи — 0,5 дан 5 гача жарима баллига эга.
Шунингдек, фақат 2025 йил ноябрь ва декабрь ойларида 50 мингдан ортиқ ҳайдовчига жарима баллари берилган.
Амалдаги тартибга кўра, жарима баллари қоидабузарлик содир этилган пайтда транспорт воситасини бошқариб турган ҳайдовчига расмийлаштирилади.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб автоматик фото ва видеокамералар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ҳисобланади.
ЙХХ шунингдек, 12 ой давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш чораси қўлланилишини эслатди. Бунда келгуси йилда содир этилган биринчи қоидабузарлик учун жарима балли ҳисобланмайди. 12 баллдан ортиқ балл тўплаган ҳайдовчилар эса ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.







