Давлат Хавфсизлик Хизмати, Божхона ва Ички Ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилиб, гиёҳвандлик воситалари савдоси олди олинди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uz'гa хабар берди.
Андижон вилояти, Хўжаобод туманида 1991 йилда туғилган, илгари судланган шахсга тегишли “BYD” автомобиль текширилган. Салонда 6 дона полиестер ўрамларда жами 5,946 кг мефедрон топилган. Модда Тошкент шаҳрига олиб кетилаётган бўлган.
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида 2006 йилда туғилган шахс, қандолат маҳсулотларига яшириб юборилган 350 гр клефедронни олган вақтида қўлга олинган. Кейинроқ унинг шериги – 1991 йилда туғилган шахс, яшаш хонадонида 5,3 кг синтетик гигоҳванд моддалар, гашиш ва марихуана мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба ва лаборатория жиҳозлари билан ушланган.
Наманганда 1981 йилда туғилган, илгари судланган шахс Қирғизистондан олиб келган 1,023 кг героинни шартли харидорга 18 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Сирдарёда Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшивчи 3 шахс “Cobalt” автомобилида яширин жойга 2,516 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётган вақтида ушланган. Ушбу моддалар илгари курьерлар томонидан «закладка» тарзида қолдирилган бўлган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


