Жорий йилнинг 11 февраль куни соат 23:55 да Андижон шаҳри «Нодирабегим» МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли турар жой хонадонларидан бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Хабарга асосан вилоят ФВБ раҳбарияти ва қутқарув бўлинмалари воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Бу ҳақда Андижон вилояти ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса жойига Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов ҳам етиб келиб, вазиятни шахсий назоратига олган.
Чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиқмаган ҳамда бошқа хонадонларга зарар етмаган. Ҳозирда ҳодиса сабаблари тегишли мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Айни пайтда ҳодиса содир бўлган хонадонда таъмирлаш ишлари бошланган. Мазкур уйда яшовчи фуқаролар таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар вақтинча меҳмонхонага жойлаштирилган.


