Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситаларида семизлик ёки сурункали касалликлар АҚШ визасини олиш жараёнида рад этилишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар кенг муҳокама қилинди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур маълумотларга изоҳ бериб, уларнинг нотўғри эканини маълум қилди.
Элчихона таъкидлашича, АҚШ Давлат департаментининг ички ҳужжатларида келтирилган Б тоифасидаги касалликлар рўйхати ўзгармаган. Виза бериш бўйича қарорлар эса аризачининг барча шахсий, молиявий ва соғлиқ ҳолати билан боғлиқ омилларни комплекс баҳолаш орқали қабул қилинади.
Расмий маълумотларга кўра, семизлик визани рад этишга автоматик асос бўлмайди. Тиббий кўрикларнинг асосий мақсади — жамият учун хавф туғдирувчи юқумли касалликларни аниқлаш ҳамда аризачининг руҳий ва жисмоний соғлиғи бошқаларга хавф солмаслигига ишонч ҳосил қилишдир.
АҚШ элчихонаси қайд этишича, ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири — мамлакатга кирувчи шахслар давлатга молиявий юк бўлмаслиги ва уларнинг яшаш ҳамда тиббий хизмат харажатлари мустақил равишда қопланишини таъминлаш орқали солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир.


