АҚШнинг Род-Айленд штатида жойлашган Браун университетида юз берган отишма оқибатида Ўзбекистон фуқароси, талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурхонов маълум қилди.
«Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Мазкур фожиа бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлгани билан барчани чуқур қайғуга солди», — дейди у.
Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча зарур масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда.
Маълум қилинишича, отишма 13 декабрь куни Браун университетининг Муҳандислик ва физика факультети жойлашган етти қаватли Barus + Holley биносида содир бўлган. Имтиҳонлар вақтида қора кийимдаги номаълум шахс университет ҳудудига ҳужум қилган. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, саккиз нафар фуқаро жароҳат олган.


