Арча чопишнинг "нархи" қанча?
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, ўтган 6 ойда мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахтлар асраб қолинган.


Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир ҳудуд учун мос бўлган дарахт кўчатларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаганди.
Мисол учун, Андижон, Пахтаобод ва Марҳамат туманларида 30дан зиёд павловния етиштирувчи хўжаликлар ташкил этилган ва ҳозирда улар 5 миллион дона кўчат экишга тайёр.
Урф-одатларимизга кўра, оилада фарзанд туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Вояга етгунча, ёш ниҳоллар улкан дарахтларга айланиб, карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб беради. Бироқ сўнгги вақтларда дарахтларни асоссиз кесиб ташлаш ҳолатлари бот-бот такрорланиши дилни хира қилмоқда.
Хусусан, Ангрен шаҳрида яшовчи фуқаро Р.П. томонидан ҳудуднинг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини, "Кончи" кўчасидаги нотурар бинони реконтрукция қилиш жараёнида 1 туп арча дарахти илдизи билан чопиб ташланган.
Мазкур ҳолатни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Ангрен шаҳар инспекцияси, шаҳар ИИБ, Экопартиянинг ҳудудий кенгаши масъуллари жойига чиқиб ўргангани маълум бўлди.
Қайд этилишича, ушбу иш юзасидан фуқаро Р.П.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликда дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш учун жавобгарлик мавжуд. Бунда фуқароларга 2 миллион 450 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 3 миллион 675 минг сўмгача жарима белгиланган.
Бундан ташқари, ким қонунни бузиб, давлат томонидан қўриқланаётган дарахтни кесадиган бўлса, ундан белгиланган жариманинг 20 баробари миқдоридаги тўлов ундирилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 162-моддасига мувофиқ (“Шаҳарлардаги дарахтларни шикастлантириш ёки уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш”) фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (максимум 2,2 миллион сўм ёки 220 АҚШ доллари), мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача (максимум 4,4 миллион сўм ёки 440 АҚШ доллари) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аввалроқ, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши, Деновда 857 туп дарахт кесилгани ва ўсимлик дунёсига 329 миллион сўм зарар етказилгани, Бўстонлиқ туманидаги “Aмирсой” курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташлангани, шу билан бирга дарахтнинг танаси эълон ёки реклама қоқиладиган жой эмаслиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даврида дарахтларга реклама ўрнатиш бўйича аниқланган 1 300 дан ортиқ ҳолатдаги рекламалар олиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди.







