"Aмирсой" курорт зонасида 700 туп дарахт кесиб ташланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди
Ҳар бир новданинг, дарахтнинг сўрови бўлади. Бироқ экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган, бу соҳада тарғибот ва қатъий назорат тадбирлари олиб борилаётган бўлсада, жойларда ҳамон табиатга бепарволик билан муносабатда бўлиш ҳоллари тўлиқ барҳам топгани йўқ.


Масалан, Бўстонлиқ туманидаги “Aмирсой” курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг матбуот котиби маълумот берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Маълумот учун, Президентнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан дарахт кесиш учун мораторий 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ экология соҳасида жавобгарликни кучайтириш нуқтаи назаридан амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилиши ҳамда Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Денов туманида кесилган дарахтлар бўйича муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова







