Британия полицияси Бош вазир Борис Жонсонни COVID-19 туфайли амалда бўлган блокировка пайтида Даунинг-стритда базмлар ташкил этгани учун жаримага тортди. Жарима миқдори ҳақида маълум қилинмаган.
Аввалроқ тергов бошланганидан буён полиция жарима ундириш талаби бўйича 50 дан ортиқ ҳужжат тайёрлаб қўйгани хабар қилинганди.
Жонсон Британия ҳукумати аппаратининг катта ходими Сю Грейнинг Даунинг-стритдаги шов-шувли кечалар ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинганидан кейин узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида карантинга қарамай, ҳукумат қароргоҳида зиёфат ташкил этилган. Бош вазир унда иштирок этгани учун парламентдан узр сўраб, вазиятни тушунмаганини ва аввалига буни “ишга алоқадор тадбир”, деб ўйлаганини айтган.


