Бу зўравонликни оқлайдиган ҳеч қандай сабаб йўқ — Пеле
Собиқ афсонавий футболчи Украинадаги вазият юзасидан Владимир Путинга мурожаат қилди.

Афсонавий бразилиялик футболчи жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичидаги Украина ва Шотландия терма жамоалари ўртасидаги ўйин олдидан Россия президенти номига йўлланган мактубини эълон қилди. Бу ўйинда украиналиклар 3:1 ҳисобида зафар қучди.
“Мен ушбу ўйиндан фойдаланиб, сўрамоқчиман. Урушни тўхтатинг. Бу зўравонликни оқлайдиган ҳеч қандай сабаб йўқ. Украиналиклар, саралаш ўйинида ўз мамлакатларида содир бўлаётган фожиани унутишга ҳаракат қилишади. Жаҳон чемпионатига чиқиш қийин вазифа. Кўп одамларнинг ҳаёти хавф остида бўлганда, бу деярли имконсиз бўлиб қолади. Бу уруш шафқатсиз, асоссиз ва оғриқ, қўрқув, даҳшат ва азоб-уқубатлардан бошқа ҳеч нарса келтирмайди. Ўтмишда табассум билан учрашиб, қўл бериб кўришганимизда, биз бир-биримиздан бунчалик узоқ бўлиб кетамиз деб ўйламаган эдим. Ушбу можарони тўхтатиш сизнинг қўлингизда”, — деб ёзган Пеле.







