2022 йилнинг 1-2 март кунлари "Uzbekistan Airways" АЖнинг учта самолёти билан 677 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Польшанинг Катовице аеропорти орқали Украинадан эвакуация қилинди.
Умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали 5 та авиарейслар билан 1 186 нафар ўзбек фуқаролари олиб келинди.
Бугун яна иккита эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган. Биринчи рейс Тошкент шаҳридан соат 07:00 да учиб кетган бўлса, кейингиси соат 10:00 да парвоз қилади.
Польша ҳудудида мамлакатимизнинг 800 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 350 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 450 нафари эса Катовице аеропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Элчихонаси томонидан жанговар ҳаракатлар кетаётганига қарамай, мамлакатимиз фуқароларини эвакуация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Мамлакатимизнинг Польша ва Украинадаги дипломатик ваколатхоналари узлуксиз тартибда ишламоқда. Фуқароларимиз учун иссиқ овқат етказилиб, зарур ҳолларда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинадан эвакуация қилинган фуқаролар Тошкентга етиб келгани ҳақида хабар берилганди.