Бухоро вилоятида ўзини мансабдор шахс сифатида таништириб, Telegram орқали фирибгарлик билан пул ундирган шахс фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 28 декабрь куни гумондор маҳаллий амалдор номидан сохта Telegram аккаунти яратган. Шундан сўнг у ушбу аккаунт орқали бир нечта ташкилот ходимлари билан ёзишмалар олиб борган ва ўзини мансабдор шахс сифатида кўрсатган.
Фирибгарлик йўли билан у жабрланувчилардан қарийб 8 миллион сўм пул маблағини ундириб олган. Маблағлар гумондорнинг банк картасига ўтказилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари гумондорни аниқлаб, қўлга олди. У 1982 йилда туғилган, илгари бир неча бор судланган шахс экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


