Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига республика бўйича чиқинди хизматидан шаклланган ва қопланмаган дебитор қарздорлик умумий ҳисобда 108,9 млрд сўмни ташкил этган.
Мазкур қарздорлик юзасидан жами 1 174 686 нафар абонент “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг «2100» қисқа рақамидан СМС-хабарнома орқали огоҳлантирилган. Абонентларга мавжуд қарздорликни бартараф этиш учун 5 кун муддат берилган бўлиб, ушбу даврда 12,7 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилган.
Шунга қарамай, ҳозирги вақтда қопланмай қолган 15,8 млрд сўмлик маиший чиқинди хизмати қарздорлиги сабаб республика бўйича 198 858 нафар абонентнинг электр энергияси учун тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди.
Таъкидланишича, қарздорлик тўлиқ бартараф этилиши билан ушбу чеклов дарҳол бекор қилинади.
Маълумот учун, 1044-сонли қонунга мувофиқ чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизоми тартибга солинган. Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг “Тоза макон” биллинг тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биллинг тизимига узатилади.
Мазкур тартиб 2025 йил 30 июнгача шаклланган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йил 1 июлдан бошлаб юзага келган қарздорликлар учун эса ушбу тартиб 2025 йил 5 ноябрдан қўлланилмоқда.


