Давлатимиз Раҳбари ҳузурида жорий йилнинг 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда бозорда яширин иқтисодиётнинг улуши 35 фоизни ташкил этаётгани таъкидланган эди.
Демак, айни рақам яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни тезкорлик билан бартараф этишни тақозо этади. Бу эса божхона органлари олдига ҳам қатор вазифаларни қўяди.
Божхонада яширин иқтисодиёт бир нечта кўринишларда намоён бўлади. Масалан, катта ёки кичик партияда эканлигидан қатъий назар товарларни республика ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш яширин иқтисодиётни “рағбатлантирувчи” омиллардан биридир.
Бу энг аввало, қўшилган қиймат занжирига, давлат бюджетига божхона тўловлари тушумига салбий таъсир ўтказади. Ички бозордаги рақобат муҳитини издан чиқаради, сифати кафолатланмаган товарлар охир-оқибат истеъмолчи манфаатларига зиён етказади.
Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Шахсий хавфсизлик шўбаси, Контрабандага қарши курашиш бўлими ва "Қўқон" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан аниқланган қатор қонунбузилиши ҳолатларига эътибор қаратмиз.
Хориждан Қўқон шаҳридаги маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган товарларнинг “Хавфларни бошқариш тизими”да “қизил” ёʻлакка тушгани бежизга эмас экан.
Кўрик давомида аниқланишича, божхона юк декларациясига автомобиль ўриндиклари учун мўлжалланган 600 дона жилднинг ташқи савдо кодлари нотўғри киритилган, 2000 дона дазмол эса ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча бўлиб чиқди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қарангки, 432 дона атир ва 153 минг дона лейкопластир тиббиёт буюми божхона юк декларациясида умуман қайд этилмаган экан.
Шу зайлда юк эгаларининг қиймати 1 млрд 155 млн сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликларни божхона тўловларисиз олиб киришга уринишининг олди олинди.
Модомики, мазкур товарлар қонуний тартибларда олиб кирилганида эди, давлат бюджетига қўшимча 150 млн сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.
Навбатдаги ҳолат ҳам “Қўқон” ТИФ божхона постида аниқланди. Бу гал тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига келтирилган ва ҳужжатларда 7 турдаги 28 тонна деб кўрсатилган товарлар божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада товарлар орасидаги велосипед ғилдираклари учун мўлжалланган 20 минг дона резина камералари божхона юк декларациясида умуман кўрсатилмагани маълум бўлди.
Қиймати 180 млн. сўмлик мазкур товарлар белгиланган тартибда импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 20 млн. сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.
Товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги кодини божхона юк декларациясида тўғри қўллаш давлат бюджетига божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундиришга ҳизмат қилади.
Шундай товарлар бор-ки, улар ўхшаш бўлса-да, турлича кодлар билан таснифланади. Шу боисдан уларнинг импорт божхона ставкалари ҳам турлича белгиланади.
Айрим шахслар эса мазкур ўхшашликдан устомонлик билан фойдаланишга уриниб, юқори ставкали товарларни гўёки паст ставкали товарлар тарзида олиб кирмоқчи бўлишади.
Масалан, вилоят божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан “Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган ҳолатга эътибор қаратамиз.
Тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига четдан келтирилган 2876 дона мониторлар божхона кўригидан ўтказилганида, мазкур товарлар декларацияда кўрсатилганидек, “суюқ кристалли дисплей” эмас, аксинча “суюқ кристалли рангли монитор” эканлиги аниқланди.
Қиймати 2,6 млрд. сўмдан зиёд бўлган мазкур мониторлар расмий импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 350 млн сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.
Аҳамият берсангиз, атиги 3 та ҳолатда давлат бюджетига 520 млн сўмлик тушумлар тушмай қолишининг олди олинди. Бу шунчаки рақам эмас!
Айтайлик, ушбу маблағ ҳисобига ёшга доир энг кам пенция оладиган 44 нафар юртдошимизни бир йил давомида пенция билан таъминлаш мумкин эди.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аниқланган 1,2 мингдан зиёд контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 55,4 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Шавкат Сатиболдиев
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари


