Глазгодаги иқлим конференциясида муҳим декларация қабул қилинди
Бу 100 дан ортиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Глазгода бўлиб ўтаётган БМТ иқлим ўзгариши масалалари конференциясида юздан ортиқ давлатлар ўрмонлар йўқ бўлиб кетишига қарши курашни кучайтириш мажбуриятини олди. Бу ҳақда DW хабар берди.
2 ноябрь куни қабул қилинган декларацияда қайд этилишича, дунёда ўрмонлар кесилиши 2030 йилга бориб тўхталиши керак. Бу орқали глобал иқлим исиши оқибатларини камайтириш мақсад қилинган.
Ушбу декларация ўрмонларнинг 85 фоизи тўпланган 100 дан ортиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Келишув 20 миллиард доллар ажратилишини кўзда тутади. Бу маблағларнинг бир қисми ўрмон ёнғинларига қарши курашга ва ёнғинлардан азият чеккан майдонларни қайта тиклашга сарфланади.
Шу билан бирга халқаро экологик ташкилот Greenpeace ушбу келишувни “етарли эмас” дея баҳолади. Ташкилотнинг сўзларига кўра, бу ўрмонлар аёвсиз кесилиши учун яна ўн йил вақт тақдим этади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида куни йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш ташаббусини илгари сурди.
Бундан аввал Рим Папаси иқлим ўзгариши дунёда экологик қочқинлар сони ошишига олиб келишини маълум қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







