Ҳаво ифлосланиши глобал муаммога айланмоқда
Дунё шаҳарларининг атиги 17 фоизи тоза ҳавога эга.

Янги тадқиқотга кўра, дунё шаҳарларининг бор-йўғи 17 фоизи ҳаво сифати бўйича халқаро стандартларга жавоб беради. Бу эса глобал миқёсда миллиардлаб инсонлар ифлосланган ҳаводан нафас олаётганини англатади.
Швейтсариянинг ИҚАир ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқотда 138 мамлакатдан 40 мингта кузатув станциясининг маълумотлари таҳлил қилинди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ифлосланиш даражаси бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки мониторинг тизими дунёнинг барча ҳудудларини қамраб олмайди. Масалан, Африкада ҳар 3,7 миллион кишига атиги битта ҳаво сифати кузатув станцияси тўғри келади.
Энг ифлосланган ҳавога эга давлатлар рўйхатида Чад, Конго, Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Ҳиндистон эса дунёнинг энг ифлосланган тўққизта шаҳридан олтитасига эга. Мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Бирнихат саноат ҳудуди энг ёмон ҳаво сифати билан ажралиб туради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили ҳаво ифлосланиши сабабли 7 миллион одам ҳаётдан кўз юмади. Узоқ муддат давомида ифлос ҳаво билан нафас олиш натижасида нафас йўллари касалликлари, Альтсгеймер ва ҳатто саратон хавфи ортади.
Шунга қарамай, айрим шаҳарлар аллақачон ҳавонинг сифатини яхшилаш йўлида сезиларли ютуқларга эришган. Масалан, Пекин, Сеул ва Полшанинг Рибник шаҳри саноат ва транспортга қатъий чекловлар жорий қилиб, тоза энергиядан фойдаланиш ва жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш орқали ҳавони яхшилашга эришди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво ифлосланиши ва иқлим ўзгариши ўзаро боғлиқ муаммолар бўлиб, кўмир, нефть ва газни ёқиш натижасида атмосферага чиқариладиган зарарли газларни камайтириш нафақат глобал исишни секинлаштиради, балки ҳаво сифатини ҳам сезиларли даражада яхшилайди.







