Forbes журналининг хабар беришича, SpaceХ ва Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск тарихда соф бойлиги 600 миллиард долларга етган биринчи шахс сифатида тарихга кирди. Ушбу рекорд, шунингдек, Маскни дунёдаги биринчи триллионер бўлиш сари яна бир қадам яқинлаштирди.
SpaceХ 2026 йилда режалаштирилган IPOдан олдин компаниянинг қийматини 800 миллиард долларга баҳолади. Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, ушбу баҳолаш тарихдаги энг йирик акциялар таклифларидан бири бўлиши мумкин. SpaseХ'даги 42 фоизлик улуши орқали Маскнинг соф бойлиги тахминан 168 миллиард долларга ошди ва умумий қиймати 677 миллиард долларни ташкил қилди.
Бундан ташқари, Маскнинг Теsla'даги 12 фоизлик улуши 197 миллиард долларга баҳоланган, xAI Holdings компанияси эса 230 миллиард долларлик янги инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Шу билан бирга, Маск компанияларни ташкил қилган пайтдаги қиймати билан солиштирилганда, бу икки баробар ўсишни англатади.
2024 йилда Informa Connect Academy таҳлил гуруҳи Маскнинг 2027 йилга келиб дунёнинг биринчи триллионерига айланиши мумкинлигини башорат қилган эди. Мутахассислар бу прогнозни Маскнинг соф бойлиги йилига ўртача 110 фоиз ўсиш суръатига асослашган. Маск 2021 йилда Forbes рўйхатида дунёнинг энг бой шахси сифатида биринчи ўринни эгаллаб, Аmazon асосчиси Жефф Безосни ортда қолдирганди. Ўша пайтдаги соф бойлиги 271,3 миллиард долларни ташкил қилган.


