Имконияти чекланганларнинг йўллардаги чекланган имкониятларига чек қўйиш зарур
Дунё тажрибаси ўз йўлига. Хўш, бизда мазкур фуқароларнинг ҳаракатланиши, иш фаолиятини олиб бориши учун қандай шароитлар яратилмоқда?

Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин ногиронлиги бор, имконияти чекланган инсонлар тўсиқларсиз ҳаракатланишга муҳтож. Транспорт воситалари, йўл инфратузилмаси, ҳар қандай объект ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мос бўлиши шарт. Қурилиши бошланган бино ёки муассаса, албатта, бу турдаги фуқароларнинг талабларини инобатга олиши керак.
Бу масалага ечим топиш эса, шубҳасиз, ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бўлмоғи лозим. Энди арқонни бўш эмас, таранг қилиб тортадиган вақт келди.
Жаҳон амалиётига қарайдиган бўлсак, агар ногиронлиги бор ёки имконияти чекланган фуқароларга шароит яратилмаган. Ҳаракатланишига енгиллик бермаган объект қуриладиган бўлса, у экспертизадан ўтказилмайди.
Мисол учун, Америкада шаҳар инфратузилмаси имконияти чекланган фуқаролар учун мослаштирилган. Яъни барча давлат муассасалари — касалхоналар, кутубхоналар, давлат идоралари, таълим муассасалари, шунингдек, кўчалар, йўлаклар, жамоат ҳожатхоналари, болалар майдончалари, истироҳат боғлари ногиронлиги бор одамлар ўзларини ноқулай ҳис этмаслиги, эркин яшаши ва ҳаракатланиши учун етарлича жиҳозланган. Ер ости метросидан фойдаланиш эса учун махсус лифтлар ўрнатилган.
Ёки Францияни олайлик. Бунда давлат қонунчилиги барча қурилиш компанияларини ногиронлар учун қулай муҳит яратадиган тарзда турар-жой ва жамоат иншоотларини қуришга мажбур қилади. Мамлакатдаги аксарият шаҳарларда барча автобус ва трамвайлар паст эшикка эга.
Дунё тажрибаси ўз йўлига. Хўш, бизда мазкур фуқароларнинг ҳаракатланиши, иш фаолиятини олиб бориши учун қандай шароитлар яратилмоқда?
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 760 миндан зиёд ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилади. Уларнинг баъзилари ишлаши, хизмат фаолиятидан фойдаланиши қанчалик ҳисобга олинган?
Мамлакатимиз Парламенти аъзоларининг фикрича, ҳали юртимизда имконияти чекланган фуқароларнинг тўсиқларсиз ҳаракаткланиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилмаган.
- Биз бу тоифадаги фуқароларимиз олдида қарздормиз. Чекка бир туманда ёки қишлоқдаги 4-5 қаватли бинони бориб кўрсангиз, уларнинг аксариятида имконияти чекланган шахслар, яъни ногиронлик аравачасида юрадиган фуқаролар учун шароит яратилмаган. Минг афсуски, бугунги кунда республика бўйича мавжуд кўп қаватли уйларнинг атиги 10 фоизи лифт билан таъминланган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, қонунда, ҳужжатларда қўйган талабни биз ҳали тўлақонли амалга оширганимиз йўқ. – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Пўлатовнинг айтишича, вилоятлар уёқда турсин, ҳатто, пойтахтдаги кўплаб муассасаларда имконияти чекланганларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун шароит йўқ.
Қайд этилишича, ногиронлиги бор, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқларини комплекс таъминлаш бўйича 200 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинган.
- Ҳужжатларда шаҳарлар ёки бошқа ҳудудларда аҳоли пунктларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирмасдан қуришга йўл қўйилмайди, деб алоҳида белгилаб қўйилган. Демак, бу - қурилиш лойиҳаси белгиланган талабга жавоб бермаса, 100 фоиз экспертизадан ўтказилмаслиги керак дегани. Энди бу нафақат қоғозда, балки амалиётда ҳам бўлиши лозим. - дея таъкидлайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Фирдавс Шарипов.
Қурилиш соҳаси, фуқароларга хизмат кўратишга мосланаётган муассасалар жаҳон тажрибасига эмас, балки аҳолининг барча қатламига қараб чора-тадбир кўриши зарур.
Оламгир Абдиев







