Хабарингиз бор, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олаётган талаба-қизни зўрлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда видеохабарлар тарқалди. Шунингдек, мазкур нохуш воқеа давомида қиз бинонинг 2-қавати ойнасидан пастга итариб юборилгани айтилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги ҳақида расмий маълумот берилди.
ССВ ахборот хизмати маълум қилишича, бемор М.К. жорий йилнинг 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга каттатравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.
Шунингдек, бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида қатор терапия амалиётлари бажарилган.
Маълум бўлишича, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун мобайнида динамикада “УЗИ” қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.
Ҳозирда беморнинг динамикали аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент Педагогика институти талабасига "замдекан"и тегажоғлик қилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова


