энг долзарб
|
21 Сентябр 20:30
242
энг долзарб
|
21.09.2021, 20:30
242

Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида катта нутқ сўзлади

Бу Байденнинг Президент сифатида қатнашган биринчи саммити бўлди. АҚШ раҳбари бир қанча муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

 

Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида катта нутқ сўзлади

 

Пандемия

 

"Биз янги пандемияларга тайёр туришимиз керак, у, албатта, бўлади", деб таъкидлади Байден. Шунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш зарур. Хусусан, Байден келажакда глобал соғлиқни сақлаш тизимининг янгича молиялаштириш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, АҚШнинг бошқа давлатларга пандемияга қарши курашда берётган ёрдамини алоҳида қайд этди. Байден Вашингтон шу кунгача 100 дан ортиқ давлатга 100 миллиондан зиёд вакцина етказиб берганини маълум қилди.

 

Иқлим ўзгариши

 

Иқлим ўзгариши Байден нутқида асосий мавзулардан бири бўлди. Бу соҳада Вашингтон ўз олдига катта мақсадлар қўйгани айтилди. Байден АҚШ 2050 йилга келиб "экологик тоза" иқтисодиёт яратиш ниятида эканини айтган. Шунингдек, иқлим ўзгариши ўнгланмас нуқтага келганини, унинг оқибатларига қарши курашиш зарурлигини таъкидлади.

 

АҚШ етакчиси ривожланаётган давлатларнинг янгича экологик сиёсатга мослашиши қийин кечаётганини тан олди. Шунинг учун АҚШ бу турдаги мамлакатларга 100 миллиард доллар ажратиши эълон қилинди.

 

Глобал хавфсизлик

 

"АҚШ тарихида тўхтовсиз урушлар даври тугади" — Байден Вашингтонни Афғонистондан чиқиб кетишини шундай изоҳлади. Эндиликда Президент таърифи билан айтганда "тўхтовсиз дипломатия даври бошланди". "Ҳарбий куч — энг охирги чора", — деган Байден. Шу билан бирга Америка иттифоқчилари билан бирга глобал терроризмга қарши курашда давом этиши таъкидланди.  Бундан ташқари у АҚШ ҳудудида янги терактлар хавфига ҳам тўхталиб, "Ҳозирги АҚШ 2001 йилги АҚШ эмас, биз терроризм таҳдидига  илгаригидан кўра самарали қаршилик қила оламиз", деб айтди.

 

Байден АҚШ янги совуқ уруш даврига интилмаётганини маълум қилди.

 

АҚШ етакчиси Корея яриморолидаги кескин вазиятга ҳам тўхталиб ўтган. У яриморолни тўла ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантиришга чақирди.

 

Президент нутқида дунёда авторитар тузум тобора хуруж қилаётгани, аммо бу демократиянинг мағлубияти эмаслиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, "Дунёда ҳеч қайси демократия, ҳатто АҚШдаги демократия ҳам мукаммал эмас", деган Байден.

 

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаши хабар қилинган эди.

 

 

Жаҳонгир Қўзиев