Канададаги мактабда юз берган отишма оқибатида 10 киши ҳалок бўлди
Яна 25 нафар жароҳатланган шахс маҳаллий тиббиёт марказида текширувдан ўтказилган.

Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида жойлашган Tumbler Ridge ўрта мактабида содир бўлган отишма оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи билан бирга жами 10 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда СBS хабар берди.
Ҳодиса жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олти нафар жабрланувчининг жасадини аниқлаган. Яна бир жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. Кейинчалик воқеага алоқадор ҳудудлардан яна икки нафар ҳалок бўлган шахс топилган. Гумон қилинаётган ҳужумчи ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин бўлган жароҳатлар билан ўлик ҳолда аниқланган.
Ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олган икки нафар жабрланувчи вертолёт орқали шифохонага етказилган. Яна 25 нафар шахс маҳаллий тиббиёт марказида текширувдан ўтказилган.
Дастлабки огоҳлантиришларда гумондор жигарранг сочли аёл сифатида тасвирланган. Кейинчалик полиция бошқа гумондорлар йўқлигига ишонч билдирган. Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур мактабда 7–12-синфларда тахминан 170 нафар ўқувчи таҳсил олади. Хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида мактаб ҳамда яқин ҳудуддаги таълим муассасалари вақтинча ёпилган.







