Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъуллар белгиланади. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради.
Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерларда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига ҳам дарахт кўчатлари экилади. Мутахассисларнинг тавсиясига асосан, ҳудудларда экиш учун 27 турдаги дарахт кўчатлари таклиф этилмоқда.
Маълумотларга кўра, каштан, оқ қайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, акация, чинор, туп, жийда, ёнғоқ, беҳи, узум, қирим қарағайи ва арчаси бизнинг иқлимимизга мос.
Давлат экология қўмитасининг daraxt2020.uz электрон платформаси барча вилоятларда ташкил этилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш штаби билан интеграция қилинади. Яъни экилаётган дарахтлар ҳисоби онлайн тарзда юритилиб, шаффофлик таъминланади. Ҳозирда платформани такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Жараён ниҳоясига етгач истаган киши рақамлар билан онлайн танишиш имконига эга бўлади.


