1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Маҳаллани онлайн бирлаштирса ҳам бўлади. Бунга фақат ҳафсала бўлса бас!

Пайариқ туманидаги ҳоким ёрдамчиси ўз ишини Telegram’да маҳалла каналини очишдан бошлади.

Маҳаллани онлайн бирлаштирса ҳам бўлади. Бунга фақат ҳафсала бўлса бас!

 

Жорий йилнинг 1 январидан маҳаллаларга янги тизим – “ҳоким ёрдамчилари” кириб келди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида айтилганидек, шу йил бошидан мамлакатимиздаги 9 минг 259 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу лавозим эгаларининг вазифалари нималаардан иборат? Улар қандай ташаббусларни илгари суради? Туман ҳокимларига том маънода ёрдамчи бўла оладими? Бу каби саволларга Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада ушбу вазифада ўз фаолиятини бошлаган ва қисқа фурсат ичида халқ “тилига тушган” ҳоким ёрдамчиси Расулхон САЙДИЛЛАЕВ билан бўлган суҳбат давомида жавоб олишга ҳаракат қилдик. 

 

—  Расулхон ака, авваламбор, ушбу лавозимга тайинланганингиз ва фаолиятингизни намунали бошлаб олганингиз билан табриклайман. Бугунги кунда нечта қишлоқ аҳолисининг тақдири сизга ишониб топширилган?  


—  Раҳмат каттакон! Мени зиммамга “Дўстлик” МФЙ таркибидаги бешта қишлоқ  фуқаролари билан ҳар томонлама ишлаш вазифаси юклатилган. Ушбу МФЙга “Дарвозагаза”, “Гарай”, “Ингичка”, “Аламли” ва “Багара” қишлоқлари киради.  Жами аҳоли сони 5 минг 173 нафарни ташкил этади. Рақамлар одамни бироз чўчитиши мумкин. Лекин ростини айтсам, шу кунгача максимал даражада ҳар бир хонадонга ўзим кириб-чиқиб, фуқаролар билан мулоқот қилиб, шуни билдимки, бунақа самимий инсонлар билан ишлаш Худо хоҳласа ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.

 

—  Ишни нимадан бошладингиз?

 

—  Ишни энг аввало, маҳалла аҳолиси билан шахсан танишиб, аҳолининг шароити энг оғир қатлами ҳисобланган кам таъминланган, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ўз имкониятим доирасида ёрдам беришдан бошладим. Фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлмаган бўлса-да, қўлимдан келганча шароити оғир хонадонларга бир қопдан ун, озиқ-овқат маҳсулотлари, кам таъминланган оила фарзандларига иссиқ кийим-кечаклар ва байрам кунларида совғалар бердим. Бу ишларни келгусида ҳам давом эттиришни мақсад қилганман.

 

—  Бугунги кунда сизга бириктирилган аҳолининг неча фоизини ишсизлар ташкил қилади?

 

—  Ҳозирда фаолият олиб бораётган маҳалламда тўлиқ хатлов қилиб улгурмадик. 15 январгача аҳолини тўлиқ рўйхатдан ўтказиб олгач, аниқ маълумот бероламан.

 

Маҳалла — жаҳон бозорига чиқмоқчи


—  Биламизки, кўпгина қишлоқ аҳолиси орасида кунлик ишларга чиқиб, бир кунлик даромадга ишониб яшайдиганлар ҳам бор. Сир бўлмаса, бу тоифадаги кишиларни доимий бандлигини таъминлаш учун келгусида қандай режаларни амалга оширмоқчисиз? 

 

—  Нафақат режа қилиб қўйганмиз, балки ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаган кунимдан буён аҳолининг доимий иш билан банд бўлмаган қисмини, асосан, фермер хўжаликларига доимий ишчи сифатида олиб, Давлат хизматлари агентлиги орқали рўйхатдан ўтказиб келяпмиз. Буни яхши бир томони бор, яъни бу инсонларга келажакда нафақалар ҳам тайинланади. Худо хоҳласа, яқин келажакда ўз ҳудудимда ишсизликни 90-95% га қисқартираман, деган мақсадим бор! Мен бириктирилган ҳудуд аҳолисининг асосий иш тури бу — узумчилик ва чорвачилик ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, келгусидаги яна бир режам — етакчи, лидер тадбиркорлар орқали жаҳон бозорига майиз экспортини йўлга қўйиш ва хорижий инвесторларни маҳаллага жалб этиш.

 

—  Ҳоким ёрдамчилари халққа қанчалик керак?

 

—  Улар халққа жуда керак экан. Фаолиятимни бошлаганимнинг биринчи кунидаёқ буни сезганман. Чунки ҳар доим ҳам амалдорларимиз ишларидан ортиб, аҳоли хонадонларига ташриф буюришга вақт тополмайди. Биз эса, тўғридан тўғри, аҳолининг ўзи билан юзма-юз танишиш, ҳолидан хабар олиш ва уларнинг яшаш тарзини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида уйларига кириб боряпмиз, суҳбатлашяпмиз. Ўйлайманки, ҳоким ёрдамчилари орқали халқнинг муаммолари ўз ўрнида ечимини топиб, турли оворагарчилик ва югур-югурларнинг олди олиняпти. 

 

Одамлар орасида юрсангиз, турфа тақдирларга гувоҳ бўласиз

 

—  Хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан танишиб чиқаётганингизда, табиийки, турли тақдир эгаларига дуч келасиз. Улар орасида энг эсда қолгани ёки сизни титратган тақдир эгалари ҳам бўлдими?

 

—  Албатта, бунақа воқеаларга кўп дуч келаман. Яқинда Гарай қишлоғида истиқомат қилувчи бир онахоннинг уйларига бордим. Ёлғиз ўзи яшар экан. Турмуш ўртоғи анча йиллар олдин оламдан ўтиб кетган. Энг даҳшатлиси, онахоннинг 4 нафар ўғли бўлиб, ҳаммаси уйли-жойли, оилали экан. Тўнғич фарзанди олий маълумотли шифокор. Айнан шу ўғлини кўрмаганига 10 йил бўлибди. Емай-ичмай шу боламни ўқитгандим, деб онахон ўкинди. Бошқа фарзандлари ҳам онахондан деярли хабар олишмас экан. “Ёзда вирусга чалиндим, салқинроқ жой деб “подвал”имда яшадим. Мадорим етса, иссиқ овқат қилиб ейман, бўлмаса 3-4 кунлаб иссиқ овқат емайман”, — дейди муштипар она. Янги йил байрами арафасида бир қоп ун ва кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бердим. Лекин ҳалигача ўша онахоннинг ноласи юрагимни титратади...

 

Маҳаллада шифокор жонланди, маслаҳатчидан тортиб раисгача “уйғонди”.

 


Ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатимиз якунига етгач, ўша ҳудудда яшовчи аҳолининг фикри, турмуш тарзидаги ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида шу ерлик фуқаро Музаффар Худойқуловни суҳбатга чорладик:

 

—  Расулхон ака келгандан сўнг бутун қишлоқ “оёққа турди.” Бугун ижтимоий тармоқлар жуда ривожланган, деб илк ишини Telegram ижтимоий тармоғида “Дўстлик” каналини очишдан бошлади. Ҳозир шу канал орқали маҳалланинг кунлик янгиликлари, ҳоким ёрдамчисининг қайси соатда қаерда, кимлар билан учрашгани ҳақидаги хабарларни кузатиб борамиз. 

 

Бир куни уйда ўтирсак, уйимизга маҳалла раисининг маслаҳатчиси Лола Тўхтанова кириб келди. Биз ҳайрон. Нима гап экан десак, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммоларини тинглаётган экан. Яна бир куни уйимизга қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори келди. Аҳоли саломатлигини ўрганаётган экан. Бизнинг маҳалла туманнинг энг чекка ҳудуди — деярли Иштихон туманига туташ бўлган ҳудудда жойлашган. Анча-мунча ривожланишдан орқада қолиб келаётган эдик. Ростини айтсам, биз шу кунгача, ҳатто, маҳаллада ишлаётган фаолларимизни ҳам яхши танимаган эканмиз. Шу ҳоким ёрдамчиси келгандан буён маҳалла анча “жонланиб қолган” (кулади). Яқинда у киши билан гаплашганимда эндиги режаси йўлларимизни созлаш эканини айтди. Тумандаги энг катта маҳалла бўлсак-да, битта масжид қурилмаганини ҳам инобатга олишидан умидвормиз. 


Пайариқ туман марказидан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган маҳалладан қайтар эканмиз, республикамизнинг чекка ҳудудида “ҳаёт қайнашига” сабаб бўлган ҳоким ёрдамчисининг олиб бораётган фаолиятида қишлоқ одамларининг ҳаётга бўлган қараши, орзулари ўзгараётганини сездик. Улар энди ҳаётлари анчайин яхшиланишига умид боғлагандек. Йўллари таъмирталаб бўлиб қолган ҳудудга хорижий инвесторлар ташриф буюргунига қадар асфальт ётқизилишига ҳам умид боғлаб, яхши ният қилганча ортга қайтдик!


Моҳинур РУСТАМОВА суҳбатлашди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика