Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаб, қардош Озарбайжон Республикасининг ушбу форматга тўлақонли аъзо сифатида қўшилишини тарихий қарор сифатида баҳолади. Давлат раҳбари фикрича, бу қадам икки минтақа ўртасида стратегик кўприк барпо этиб, ҳамкорлик учун янги уфқлар очади.
Президент минтақада савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, хавфсизликни таъминлаш, сув ресурслари ва экология билан боғлиқ муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш муҳимлигини таъкидлади. У 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли савдо ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш ва ягона инвестиция макони яратиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, Мирзиёев “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ҳамда Трансафғон транспорт йўлагининг минтақа келажаги учун стратегик аҳамиятига урғу берди. Афғонистонни инфратузилмавий лойиҳаларга фаол жалб этиш Марказий Осиё барқарорлигининг муҳим омили экани қайд этилди.
Саммит якунида Президент Марказий Осиё давлатларининг бирдамлиги ва дўстлигини мустаҳкамлаш барча ташаббусларнинг бош мақсади эканини таъкидлаб, 2026 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувга Туркманистон раислик қилишини олқишлади.


