Мексикада автобус ҳалокати 11 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Ҳодиса жойида тергов ишлари бошланган.

Мексиканинг шимоли-шарқида жойлашган Нуево-Леон штатидаги Ҳуалахуисес шаҳарчасида автобуснинг ағдарилиб кетиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ йўловчи турли даражадаги тан жароҳатларини олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, фожеа автобус ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши натижасида содир бўлган. Транспорт воситаси юқори тезликда ҳаракатланаётган бўлган ва йўл четидаги чуқурликка қулаб тушган. Ҳодиса жойига бир неча дақиқалар ичида тез ёрдам машиналари, ўт ўчирувчилар ва полиция етиб келган.
Жароҳатланганлар яқин атрофдаги касалхоналарга етказилган. Улардан баъзилари оғир аҳволда бўлиб, шифокорлар уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда.
ЙТҲ юзасидан расмий тергов ишлари бошланган. Дастлабки тахминларга кўра, йўлнинг намлиги ёки транспорт воситасининг техник носозлиги ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Маҳаллий ҳокимият фожиа юзасидан чуқур ҳамдардлик билдириб, қурбонларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.







