Мексикада парранда грипи билан касалланган биринчи одам аниқланди
Ҳозирча вируснинг одамдан одамга юқиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Мексика соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда парранда грипи— Ҳ5Н1 билан касалланган илк бемор аниқланганини маълум қилди. Касаллик Дуранго штатида яшовчи уч ёшли қизчада қайд этилган.
Расмий баёнотга кўра, 2025 йил 1 апрель куни Ҳ5Н1 вируси Диагностика ва эпидемиологик назорат институти томонидан тасдиқланган. Бемор дастлаб оселтамивир препарати билан даволанган бўлиб, у Торреон шаҳридаги учинчи даражали касалхонага оғир аҳволда ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, мазкур ҳолат Мексикада ушбу вирус одамга юқишининг биринчи тасдиқланган ҳолати ҳисобланади.
Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Мексика расмийлари ҳозирча вируснинг одамдан одамга юқиши ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини билдирган. Шунингдек, яхши пиширилган парранда гўшти ва тухум истеъмол қилиш соғлиқ учун хавф туғдирмаслиги яна бир бор таъкидланган.







