Молдавия Европа билан қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қиляпти
Аввалроқ НАТО Молдавияга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўриб чиқаётгани маълум бўлганди.

Молдавия Евроиттифоқ давлатлари билан армияни замонавий қуроллар билан таъминлаш масаласида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Наталья Гаврилица маълум қилди.
“Биз нейтралликни сақлаб келмоқдамиз. Аммо бу изоляцияни англатмайди. Нейтраллик фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни ҳам англатади. Биз хавфсизлик ҳақида қайғуришимиз ва миллий армияни модернизация қилишимиз лозим”,– деган у Moldova 1 телеканалига берган интервьюсида.
Сиёсатчининг қўшимча қилишича, ЕИ билан ҳозирда ушбу масалада музокаралар кетмоқда.
Бундан олдин Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс НАТОнинг Молдавияга қурол етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди.
Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Ғарбни кўпроқ қурол жўнатишга чақирганди.







