Наманган вилоятида икки нафар харидор банк ходимини қасддан 3-қаватдан итариб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, Наманган шаҳридаги "Обиҳаёт" МФЙ Ибрат кўчасида ижара асосида истиқомат қилувчи 22 ёшли X.M. ва унинг таниши Н.Л. 21 ёшли банк кассири М.А. билан ўзаро тортишган. Улар банк кассирини қасддан ўлдириш мақсадида уни қўп қаватли хонадоннинг ётоқхона ойнаси ромига мажбурлаб чиқариб, 3-қаватдан пастга итариб юборган.
Шундан сўнг улар яшириниш мақсадида автомашинада воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетиб, яширинган.
Жабрланувчига воқеа содир бўлган вақтда хонадоннинг ҳовлисида бўлган фуқаролар томонидан ёрдам кўрсатилиб, у шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Наманган филиалига олиб борилган. Шифокорларнинг дастлабки маълумотномасида, фуқаро M.A. жароҳатлар оғирлик даражасига кўра “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати” гуруҳига кириши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-(Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми "п" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноятни содир этган шахслар Жиноий-просессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.


