Конимехнинг "Караката" ОФЙ ҳудудида Лолазор номли ташландиқ олтин конида рейд ўтказилди. Унда 7 гуруҳга бўлинган 54 киши фойдали қазилма қазиб олаётган пайтида қўлга олинди.
Гуруҳ аъзоларидан 4 дона "движок", 7 дона перфоратор, 2 та "Ford" русумли транспорт воситаси, 2 тонна оғирликдаги таркибида олтин зарралари бўлган тош-қумлар ҳамда уларни солишга мўлжалланган қоп, арқон, электр кабель, бензин ёқилғиси, кетмон, белкурак, қўлбола усулда тайёрланган тош майдалагичлар топилган.
Ҳозирда уларнинг шахсига аниқлик киритилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шу ҳудудда тупроқ таркибидан тилла қумларини ковлаб олаётган 4 нафар фуқарони қум босиб қолиши оқибатида вафот этганди.


