Аввалроқ, яъни 2021 йил 13 ноябрь куни соат тахминан 22:00 ларда Конимех тумани "Караката" ОФЙ ҳудудида жойлашган Лолазор чўл ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар тупроқ таркибидан тилла қумларини кавлаб олиш билан шуғулланган ва кутилмаганда қум остида қолган. Оқибатда, 4 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмганди.
Мазкур воқеага Бош прокуратура ахборот хизмати ҳам эътибор қаратиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини айтган.
Куни кеча яна худди шу ҳудудда мудҳиш воқеа содир бўлган. Таркибида олтин заррачалари бўлган қумни ноқонуний қазиб олаётган 5 нафар одамда тупроқ босиб қолган. Оқибатда улар вафот этган. Қурбонлар бир неча кун тупроқ остида қолиб кетган. Хабарда улар бухоролик бўлгани айтилмоқда. Вафот этганларнинг икки нафари ака-ука бўлган. Марҳумлар 4 январь куни қазиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 61-автокорхонанинг икки нафар ишчиси тупроқ ва қум босиб қолиши оқибатида вафот этгани ҳамда кейинроқ уларнинг шахсига аниқлик киритилгани ҳақида хабар берилганди.


