Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатимизда 519 минг тонна нефть ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 37,2 минг тоннага кам дегани. Шунингдек, мазкур давр мобайнида мамлакатимизга 289 миллион литр автомобиль бензини импорт қилинган. Бундан кўринадики, маҳсулотнинг бу тур импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 137 миллион литрга ошган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қўмита маълумотларига таянадиган бўлсак, мамлакатимизда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 815,2 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган.
Энди яна бир фактга назар ташласак. Ташкилотнинг ёзишича, республикамизда ҳар 100 нафар доимий аҳолига ўртача 8 та енгил автомобиль тўғри келмоқда. 1 январ ҳолатига кўра, республикада 2,7 миллион енгил автомобиль рўйхатдан ўтган. Ҳали ўтмаганлари ҳам бор. Бунга қишлоқ хўжалиги уловлари, жамоат транспортларини ҳам қўшса, тахминан 3 миллионга боради.
Агар битта автомобиль кунига ўртача 10 литрдан бензин истеъмол қилса, бу январь-сентябрь ойларига солиштирилганда, 27 тонна литр сарфлаган бўлади. Чиққан йиғиндини умумий автомобиллар сонига кўпайтирсак, унда, хуллас, мана шунча ҳажм чиқади – 81 000 000 000. Бу 81 миллион литр дегани. Тўхтанг! Бир литр Аi-80 тахминан 700 yoki 750 грамм оғирликда бўлади. Яъни икки литр Ai-80 1.5 килограм бўлади. Бу эса биз ҳисоблаган рақамларини анчагина пасайтиради.
Юқоридаги статистикага қаралса, унда мамлакатимизда январь-сентябрь ойлари оралиғида 815,2 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган(эътибор беринг, тонна дейиляпти, литр эмас). Шунингдек, мазкур давр оралиғида хориждан 289 миллион литр бензин импорт қилинган.
Бунда жами миқдор 1 миллион тоннадан ошади. Бу ҳали шунчаки хомчўт ҳисоб-китоб.
“ЎзРТХБ” АЖ ПР бўлимининг хабар беришича, жорий йил бошидан буён Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржасининг автомобиль бензини сегментида нархларни ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бунда йил бошидан бошлаб Аi-80 маркали бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 700,2 минг сўмдан 9 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2 фоиз га ўсган.
Маълумотларга кўра, Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
“Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005,0 сўмни ташкил қилди. Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида Аi-80 маркали бензиннинг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1 фоиздан ошмади. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган”, — дейилади “ЎзРТХБ” АЖ ПР бўлими хабарида.
Расмийлар нефть нархининг кўтарилиб кетиши бензиннинг суммасига таъсир қилган деб таъкидламоқда.
Хориж матбуотларида эса Ўзбекистондаги бензин нархи қўшнилардан кўра 2 марта қимматлиги хақида ёзишмоқда. Уларнинг фикрича, бензин нархининг ошишига бензин ва нефть маҳсулотлари импорти бир неча шахслар томонидан монополлашгани ва улар ўзлари хоҳлаган нархларни белгилаётгани сабаб бўлмоқда.
Ҳулоса ўринда саволлар туғиладики, жавоб беришга сўз топиб бўлмайди:
Маҳаллий нефтнинг жаҳон бозоридаги нарх билан қандай алоқаси бор?
Ўзбекистонда бензинда юрадиган машиналар қанча фоизни ташкил этади?
Биз қачонгача ўз маҳсулотимизни ўзимизнинг ҳалқимизга фалон сўмда сотамиз?
Аслида монополист сотаётган нарса мана шу халқнинг мулки эмасми?
Ачинарлиси, саволларни яна давом эттириш мумкин...
Оламгир Абдиев


