Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда у New York Times томонидан ташкил этилган DealBook саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Мазкур баёнот шаҳар мери лавозимига сайланган Зоҳран Мамданининг позицияси фонида катта эътибор қозонди. У аввалроқ, Халқаро жиноят суди (IСС) томонидан чиқарилган ордерга асосланиб, Нетаняҳу Нью-Йоркка келса, уни ҳибсга олишга уриниши мумкинлигини билдирган эди.
Нетаняҳу эса бу ҳолатга муносабат билдириб, Мамдани билан учрашувга ҳам тайёрлигини таъкидлади.
“Агар у фикрини ўзгартириб, Исроилнинг мавжудлик ҳуқуқини тан олса — мен мулоқотга очиқман. Бу яхши бошланиш бўларди”, — деди у.
Исроил бош вазири, шунингдек, Ғазо секторининг келажакда Фаластин маъмурияти томонидан бошқарилиши эҳтимолини рад этди. Унинг фикрича, тинчликни истаётган фаластинликлар анклав устидан назоратни ўз қўлларига олиши ва буни амалда исботлаши лозим.
Нутқи давомида Нетаняҳу Украина урушининг тезроқ тугашига умид билдириб, АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик келишувларини илгари суриш борасидаги имкониятларини юқори баҳолади.
Юридик жиҳатдан қаралганда, IСС ордери АҚШда мажбурий эмас. АҚШ федерал ҳукумати суди қарорларини тан олмайди, шунингдек, амалдаги бош вазирнинг дипломатик мақоми ҳибс эҳтимолини янада камайтиради. Шунга қарамай, сиёсий майдонда бу масала халқаро ҳуқуқ ва дипломатик муносабатлар кесишмасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.


